ГАРОВГА ҚЎЙИЛАЁТГАН МОЛ-МУЛКНИ СУҒУРТАЛАШ

 

 

Мазкур суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (Суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (Суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (Суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (Суғурта қилдирувчига ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга, наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мол-мулкларга етказилган зарарни шартномада белгиланган сумма (Суғурта пули) доирасида қоплаш (Суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.

СУҒУРТА ҲОДИСАСИ

Мазкур шартномага кўра қуйидаги ҳодисалар (суғурта қалтисликлари) натижасида суғурталанган мол-мулкнинг доимий сақланиш жойида зарарланиши, нобуд бўлиши ёки йўқотилиши Суғурта ҳодисаси ҳисобланади:

  • сув тошқини, кучли шамол, бўрон, жала, сел, тупроқнинг емирилиши, дўл, қалин қор ёғиши, кўчки, яшин уриши, зилзила, ёнғин, портлаш, учувчи аппаратлар, механизм ва машиналарнинг қулаши, ўғирлик, учинчи шахсларнинг қонунга зид ҳаракатлари.

СУҒУРТА ДАЪВОСИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

Ушбу Шартномага мувофиқ Суғурталовчидан суғурта товонини олиш талабига асос бўлиши мумкин бўлган воқеа рўй берганда, Суғурта қилдирувчи  Гаровга қўювчи ёки Наф олувчи)қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

  1. Суғурталовчини 72 соатдан кечиктирмасдан хабардор қилиши ва Суғурталовчига воқеа содир бўлган кундан кейин 5 (беш) банк куни ичида зарар кўрилиши сабаби ва шарт-шароити кўрсатилган ёзма аризани йўллаш;
  2. Зарурият туғилса, мутасадди идораларга содир бўлган воқеа ҳақида хабар бериш;
  3. Суғурталовчига зарар кўрилганлигини тасдиқлаш ҳамда воқеа юз бериши сабаби ва тафсилотларини аниқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни (режа, тасниф, юк ҳужжатлари ёки нусхаларни) тақдим этиш;
  4. Зарурият туғилса, зарар келиб чиқиши сабаблари ваколатли давлат идораларининг тегишли ҳужжатлари билан тасдиқлаш.

Содир бўлган зарарларни тасдиқлаш ва Суғурталовчи томонидан Суғурта қилдирувчи билдирган суғурта ҳодисаси зарарларини тан олишда, Суғурта қилдирувчи қуйидаги хужжатларни тақдим этиши шарт:

  1. Суғурта ходисаси тўғрисида хабарнома;
  2. Суғурта полиси нусхаси;
  3. Суғурта ҳодисаси натижасида мол-мулкнинг зарарлангани, нобуд бўлгани ёки йўқотилганлигини тасдиқлаб тузилган маълумотнома;
  4. Суғурта ҳодисасида айбдор шахснинг тушунтириш хати (агар бўлса);
  5. Линцезияга эга бўлган баҳоловчи ташкилот ёки экспертларнинг зарар миқдорини аниқлаш бўйича баҳолаш хисоботи;
  6. Зарар миқдорини аниқлаш учун зарур бўлган фотосурат ёки видеотасмалар;
  7. Суғурта ҳодисасини тасдиқловчи мутасадди ташкилотларнинг ҳужжатлари;

Суғурта қилдирувчи (Гаровга қўювчи ёки Наф олувчи) ҳар қандай йўқотиш ва (ёки) зарар кўрганлиги ҳақида хабар берса, Суғурталовчи даъвони ва юз берган воқеанинг тури, сабаби ва тафсилотларини кўриб чиқиши учун ўз ходимини ёки бошқа шахсни юборишга ҳақли.

Ушбу воқеага тааллуқли барча тафсилотлар ўрганиб чиқилгандан кейин Суғурталовчи содир бўлган воқеани суғурта ҳодисаси деб тан олиш ёки тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш қарори барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 15 (ўн беш) кун ичида Суғурта қилдируви  Наф олувчи ёки Гаровга қўювчига тақдим этилиши ва унда рад этиш сабаблари асосланган бўлиши шарт.

Агар суғурта ҳодисаси юз берганлиги юзасидан жиноий, фуқаролик ёки маъмурий иш қўзғатилган бўлса, Суғурталовчи суғурта қопламасини тўлаш масаласини ҳал этишни ваколатли ташкилотлар тегишли қарор қабул қилгунларига қадар кечиктиришга ҳақли.

Суғурта ҳодисаси рўй берганлигини исботлаш ва кўрилган зарарларнинг миқдорини асослаб бериш Суғурта қилдирувчи (Гаровга қўювчи ёки Наф олувчи) нинг зиммасидадир.

СУҒУРТА ТОВОНИНИ ТЎЛАШ

Суғурта товони Гаровга қўювчи (Наф олувчи)га Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда Наф олувчи суғурта товонини Суғурта қилдирувчи Наф олувчидан олган кредити бўйича қарзидан ошмаган миқдорда олиш ҳуқуқига эга, суғурта товонининг қолган қисми Гаровга қўювчи кўрган зарарларни қоплаш харажатларини қоплашга сарфланади.

Барча ҳолатларда суғурта товони миқдоридан ушбу Шартномада белгиланган франшиза суммасини ҳамда суғурта ҳодисаси рўй бериши оқибатида зарарланган ва алмаштирилиши лозим бўлган қисмларнинг эскирганлик миқдорини чегириб қолиб амалга оширилади.

Агар ушбу Шартномага мувофиқ суғурта пули Шартнома тузилган санада белгиланган суғурта қийматидан паст баҳода белгиланган бўлса, Суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда Гаровга қўювчи Наф олувчи кўрган зарарларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 936-моддасига мувофиқ суғурта пулининг суғурта қийматига бўлган нисбатга мутаносиб равишда қоплаши шарт.

Ушбу Шартномага мувофиқ суғурта товони уни олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Суғурталанган мулкнинг зарарланиши ёки нобуд бўлиши қуйидаги тартибда қопланади:

  1. суғурталанган мулкнинг тўла нобуд бўлиши (йўқолиши) – ушбу Шартнома тузилган санада мазкур мулкнинг ҳақиқий қиймати миқдорида, аммо суғурта пулидан ошмаган миқдорда;
  2. суғурталанган мулк бутунлай ёки қисман зарарланганда – тиклаш харажатлари миқдорида, аммо суғурта пулидан ошмаган миқдорда;

Тиклаш харажатлари қуйидагилардан ташкил топади:

  1. таъмирлаш (тиклаш) учун материаллар ва эҳтиёт қисмларга харажатлар;
  2. таъмирлаш ишларининг ҳақини тўлаш харажатлари;
  3. суғурталанган мулкни унинг суғурта ҳодисасидан олдинги ҳолатигача тиклаш учун зарур бўлган материалларни таъмирлаш жойига етказиб бериш харажатлари.

Агар Суғурталовчи мулкни ёки унинг қисмини алмаштириш йўли билан қоплашга қарор қилса, Суғурта қилдирувчи Суғурталовчини ўз ҳисобидан барча режалар, таснифлар, ўлчовлар ва Суғурталовчи талаб қилиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар билан таъминлаши шарт.

Агар зарар тўлалигича зарар етишида жавобгар бўлган шахс ёки бошқа ҳар қандай учинчи шахс томонидан қопланса, Гаровга қўювчи (Наф олувчи) суғурта қопламаси олишга ҳақли эмас. Бунда зарар қисман ёки тўланиши лозим бўлган суғурта қопламасидан кам миқдорда қопланса, суғурта қопламаси Гаровга қўювчи (Наф олувчи) аввал олган қопламаларни ҳисобга олган ҳолда тўланади.

Суғурталовчи зарарни қоплаш учун амалга оширган ҳар бир тўлов Суғурталовчининг ушбу Шартнома бўйича мажбуриятларини ушбу тўлов миқдорида камайтиради. Суғурта қилдирувчи Суғурталовчи ҳисоблаган миқдорда қўшимча суғурта мукофоти тўласа, Суғурталовчи мажбуриятлари ушбу Шартномада кўрсатилган суғурта пули миқдорида тикланади. 

Суғурталовчи Наф олувчи ёки Гаровга қўювчига суғурта қопламаси тўловини Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома имзолангандан кейин 15 (ўн беш) кун ичида амалга оширади.