ЛИЗИНГА БЕРИЛАЁТГАН ҚИШЛОҚ ХУЖАЛИК ТЕХНИКАСИНИ СУҒУРТАЛАШ

 

  Лизинг олувчи мазкур суғурта Шартномасида кўрсатилган миқдор ва муддатда суғурта мукофотини тўлаши шарти билан, Суғурталовчи суғурта ҳодисаси вужудга келган тақдирда, Лизинг олувчига Лизинг берувчига мазкур Шартномада келтирилган шартлар ва ёки қўшимча келишилган шартлар, ушбу Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган иловалари ва истисноларига мувофиқ, қуйида келтирилган тартибда ва ҳажмларда зиёнларини қоплаб бериш мажбуриятини олади.

Мазкур Шартнома муддатлари, шартлари ва истисноларига мувофиқ, Суғурталовчи Лизинг олувчига ёки Лизинг берувчига (Лизинг берувчи танлаши бўйича) суғурталанган Қишлоқ хўжалиги техникалари (ҚХТ) қуйида келтирилган ва суғурта ҳодисаси деб тан олиниши мумкин воқеалар оқибатида шикастланиши, нобуд бўлиши (йўқолиши) натижасида вужудга келган зарарларни қоплаб беради:

Қишлоқ хўжалиги техникаларини олиб қочиш – суғурталанган қишлоқ хўжалиги техникаларининг ўғирлаб кетилиши;

Ёнғин - суғурталанган қишлоқ хўжалиги техникаларини маълум сабабларга кўра очиқ ҳолда ёниб кетиши;

Портлаш - суғурталанган қишлоқ хўжалиги  техникалари газ ва пар босими кучайиши сабабига кўра портлаши, бу ҳолда портлашдан сўнг ёнғин ҳосил бўлса, суғурта товони ёнғин қалтислигига кўра тўланади;

Йўл-транспорт ҳодисалари - суғурталанган қишлоқ хўжалиги  техникаларининг (урилиши, сирғалиши, турли жиҳозларга урилиб кетилиши, қулаши, ариқ (канал)га ағдарилиши) ҳаракатланиши ёки ҳаракатсиз вақтларида зарарланиши;

Жисмларнинг урилиши – ҳар-хил жисмларнинг суғурталанган қишлоқ хўжалиги  техникаларига қулаб тушиши ёки тўсатдан урилиши натижасида суғурталанган қишлоқ хўжалиги  техникаларига зарар етиши ёки ойналарининг синиши;

Учинчи шахсларнинг ноқонуний хатти ҳаракатлари – бошқа шахслар томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларига моддий зарар етказилиши;

Табиий офатлар – сув тошқини, сел, бўрон, довул, жала, кўчки, тупроқнинг чўкиши, яшин уриши, зилзила.

Суғурта ҳодисаси белгиларига эга воқеа вужудга келганда, Лизинг олувчи ёки унинг вакили қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

а) дарҳол, аммо 3 кундан кечиктирмасдан бу ҳақда Суғурталовчини огоҳлантириш, ҳамда суғурта ҳодисаси сабаблари ва вазиятларига қараб, тегишли ваколатли давлат хизматларига (ёнғин ўчириш, авария хизматлари) хабар бериб, у ердан зарур ҳужжатларни (далолатнома, баённома, қарор) олиш;

б) зарарни камайтириш ва суғурталанган ҚХТни қутқариш учун зарур бўлган барча чора-тадбирларни кўриш;

в) Суғурталовчига шикастланган мулкни кўрикдан ўтказиш ва текшириш имкониятини бериш, суғурта ҳодисаси сабаблари ва ҳолатини тергов қилишда кўмаклашиш, ёки ҚХТ нинг барча шикастланган қисмларини фотосуратга тушириш ёки уни видео тасвирга тушириш;

г) суғурта ҳодисаси оқибатларини фақат Суғурталовчи кўриги ва розилигидан сўнг бартараф этиш;

д) Суғурталовчига суғурта ҳодисаси вужудга келиши сабабларини кўрсатган ҳолда зарарни қоплаш тўғрисида ариза топшириш ва қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаларини ёки нусхаларини тақдим этиш:

- Суғурта шартномаси (суғурта полиси);

- Суғурта ҳодисаси вужудга келгани фактини ва вазиятларини тасдиқловчи ваколатли органлар (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотлар) дан олинган ҳужжатлар;

-  ҚХТ рўйхатдан ўтказилганлиги гувоҳномаси (техник паспорт);

ҳайдовчилик гувоҳномаси;

- транспорт воситасини бошқаришга ишончнома, Лизинг олувчи билан биргаликда мулкчилик ҳуқуқини, қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжат, йўл варақаси;

- суд қарорлари ва фармойишлари (агар суғурта ҳодисаси кўриб чиқилган санада улар мавжуд бўлса);

- суғурта ҳодисаси иштирокчисининг суд-тиббий экспертизасидан ўтганлиги тўғрисида хулоса;

- Суғурталовчи билан келишилган ҳолда тайинланган мустақил баҳоловчи (эксперт)нинг тиклаш ишларига зарарни баҳолаш далолатномаси;

Лизинг олувчи тақдим этган ҳужжатлар асосида Суғурталовчи 5 (беш) кун ичида суғурта ҳодисасини тан олиш ёки тан олмаслик ва суғурта товонини тўлаш ҳақида қарор қабул қилади. Суғурталовчи суғурта ҳодисасини тан олган тақдирда, тўланиши лозим бўлган суғурта товони миқдори аниқланади в у Суғурталовчи, Лизинг олувчи ва Лизинг берувчи вакиллари томонидан имзоланадиган Суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатномада қайд этилади.

Суғурта товони Лизинг берувчи ихтиёри бўйича унга ёки Лизинг олувчига Суғурта ҳодисаси тўғрисида далолатнома имзоланган кундан бошлаб 10 (ўн) кун ичида тўланади. Суғурталанган ҚХТэгаси бўлмаган Лизинг олувчига (Лизинг берувчига), суғурта товони фақат суғурта товонини олиш ҳуқуқини берувчи ҚХТ эгасининг тасдиқланган ишончномаси мавжуд шахсга тўланади.