ЖИСМОНИЙ ШАХСГА АЖРАТИЛАДИГАН КРЕДИТНИ ҚАЙТМАСЛИК ХАВФИДАН СУҒУРТАЛАШ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ  2018 ЙИЛ 07 ИЮНДАГИ
ПҚ- 3777-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН «ҲАР БИР ОИЛА-ТАДБИРКОР» ДАСТУРИ ДОИРАСИДА ЖИСМОНИЙ ШАХСГА АЖРАТИЛАДИГАН КРЕДИТНИ ҚАЙТМАСЛИК ХАВФИДАН СУҒУРТАЛАШ

Суғурталовчи, Шартномада кўрсатилган миқдор ва муддатда суғурта мукофоти тўланиши шарти билан ушбу Шартномада назарда тутилган шартлар ва/ёки ушбу Шартноманинг ажралмас қисми бўлган қўшимча келишилган шартлар, истиснолар ва иловаларга мувофиқ суғурта ҳодисаси содир бўлганда Суғурта қилдирувчи/Наф олувчига ушбу Шартномада кўрсатилган  тартибда ва ҳажмда зарарларни қоплаб бериш мажбуриятини олади. 

Суғурта объекти бўлиб кредитнинг Қарздор томонидан гаров ёки бошқа таъминот билан таъминланмаган қисмини сўндириш бўйича мажбуриятларини бажармаслиги оқибатида Суғурта қилдирувчининг кредит шартномаси бўйича юзага келган зиёнлар билан боғлиқ мулкий манфаатлари ҳисобланади.

 

СУҒУРТА ҲОДИСАСИ

Суғурта ҳодисаси бўлиб, Қарздорнинг қонунда белгиланган тартибда Суғурта қилдирувчи олдидаги пуллик мажбуриятини бажаришга унинг меҳнат қобилиятини йўқотиши (I ва II гуруҳ ногиронлиги) ёки ўлими оқибатида Суғурта қилдирувчи/Наф олувчига зиён етказилишига сабаб бўлган  ва Ўзбекистон  Республикаси  Олий Суди Пленумининг 2017 йил 29-ноябрдаги 45-сон қарори бўйича Қарздордан қарзини ундириш бўйича барча чоралар кўрилиб, кутиш муддати тугаганидан кейинги юзага келган воқеа ҳисобланади. 

Суғурта ҳодисаси рўй беришининг асосий шарти бўлиб, Қарздорнинг ўз меҳнат қобилиятини йўқотиши (I ва II гуруҳ ногиронлиги) ёки ўлими оқибатида Суғурта қилдирувчи/Наф олувчига зиён етказилишига сабаб бўлиши ва Суғурта қилдирувчи /Наф олувчи томонидан кредит шартномасига кўра кредитни сўндириш борасида барча зарур чораларни, яъни Қарздорнинг пул маблағларидан ҳамда мол-мулкидан ундириш чораларини кўргандан кейин ҳам Қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатида Суғурта қилдирувчи /Наф олувчи олдидаги қарздорликнинг пайдо бўлиши ҳисобланади.

Суғурталовчига талаб билдирилгунига қадар Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Қарздордан қарзни ундириш чораларини кўриши зарур ва фақат Қарздорнинг мажбуриятни бажариш учун мол-мулки етарли бўлмагандагина Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи Суғурталовчига талаб билдириш ҳуқуқига эга. Қарздорнинг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги, давлат ижрочисининг ижро ҳужжатини “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддаси талабларига асосан, ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланади.

СУҒУРТА ТОВОНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ

Суғурта товони Суғурта қилдирувчига Қарздор томонидан кредитнинг гаров ёки бошқа турдаги таъминот билан таъминланмаган қисми миқдорида, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам суғурта пулидан ошмаган миқдорда тўланади. Суғурта товони миқдори ҳақиқатда олинган кредит миқдори ва кредитнинг гаров ёки бошқа турдаги таъминот билан таъминланган қисми ўртасидаги фарқдан кредитнинг асосий қисмини сўндириш учун йўналтирилган пул маблағларини айириб (чегириб) қолган ҳолда аниқланади.

- Махсус шартлар: Суғурта қилдирувчи кредит қайтишини таъминлашнинг тақдим этилган бошқа шаклларини амалга оширгандан кейин (гаровга қўйилган мол-мулк ундилиб, сотилгандан кейин ёки кафолат, кафиллик ва бошқалар бўйича пул маблағлари ундирилгандан кейин) Суғурталовчидан зиён қопланишини талаб қилади.

Ушбу Суғурта шартномаси юзага келганда Суғурта қилдирувчи / Қарздор Суғурталовчига  кутиш даври тугагандан сўнг, бундай ҳолат юзага келганлиги аниқланган пайтдан бошлаб 3 (уч) иш кунидан кечиктирмай воқеа содир бўлганлиги тўғрисида ариза бериши, шунингдек Суғурталовчига зиён содир бўлганлигини ва миқдорини аниқлаш имконини берувчи ҳужжатларни:

- Қарздор кредитни сўндириш учун пул маблағлари ўтказиш ҳақида тўлов топшириқномалари нусхалари;

- кредит шартномаси амал қилган муддатда маблағлар ҳаракати тўғрисида кўчирмалар;

- жорий санада Қарздорнинг ҳисоб рақамидаги маблағлар сальдоси тўғрисида банк маълумотномаси;

- кредит маблағларидан мақсадли  фойдаланиш бўйича ҳужжатлар, маълумотномалар;

- Давлат ижрочисининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги  Қонуннинг 40-моддасига асосан, қарздорнинг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги бўйича ижро ҳужжатини ундирувга қайтариш ҳақидаги қарори нусхаси;

- Қарздорнинг охирги ҳисобот давридаги балансининг солиқ инспекцияси тасдиқлаган нусхаси,

- Қарздорнинг меҳнат қобилиятини йўқотиши (I ва II гуруҳ ногиронлиги) ҳақида тегишли маълумотнома ёки ўлим ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома.

 Қарздор Суғурта қилдирувчига Суғурталовчи талаб қилаётган ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этишда кўмаклашиши шарт.

Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товонини тўлашни сўраб  тақдим этган ариза ва ушбу шартномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни тақдим этганидан кейин 15 (ўн беш) календарь кундан кечиктирмай хабардор қилиниши ва рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Суғурталовчи суғурта ҳодисасини тан олган ҳолатда, Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилади. Ушбу далолатнома Суғурта қилдирувчининг иштирокида расмийлаштирилади. Суғурта товони тўлови Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома имзолагандан кейин 5 (беш) иш куни ичида амалга оширади.

 Агар Суғурта қилдирувчи Наф олувчи қопламани учинчи шахслардан олган бўлса, Суғурталовчи суғурта шартларига мувофиқ тўланиши керак бўлган маблағ билан учинчи шахслардан олинган маблағ ўртасидаги фарқни тўлайди. Суғурта қилдирувчи Наф олувчи Суғурталовчига бундай пуллар олинганлиги ҳақида 10 (ўн) иш куни ичида хабар бериши шарт.

Суғурталовчи томонидан Суғурта қилдирувчига суғурта товони тўлови рад этилган тақдирда у ушбу Суғурта шартномаси шартларига мувофиқ аризани ва барча тегишли ҳужжатларни тақдим этган кундан бошлаб 15 (ўн) беш кун ичида рад этиш сабаблари асосланган ёзма билдиришнома йўллайди.