КРЕДИТНИ СУҒУРТА ҚИЛИШ

Суғурталовчи мазкур Суғурта шартномаси шартлари ва/ёки ушбу Суғурта шартномасининг ажралмас қисми бўлган қўшимча келишилган шартлар, истиснолар ва иловаларга мувофиқ Суғурта қилдирувчи ёки Наф олувчи суғурта мукофотини мазкур Суғурта шартномасида кўрсатилган миқдор ва муддатларда тўлаш мажбуриятини олиши шарти билан кўрсатилган тартиб ва ҳажмда Суғурта қилдирувчи ва/ёки суғурта товони олишга ҳуқуқи бўлган шахсга шартномада кўрсатиб ўтилган суғурта ҳодисаси юз берганда ушбу ҳодиса натижасида юзага келган зарарни қоплаш мажбуриятини олади. Бунда Суғурта қилдирувчи Суғурталовчига Суғурта шартномасининг предмети юзасидан тақдим этган Ариза-сўровномаси тўғри маълумотларга эга эканлигини ва мазкур Суғурта шартномасининг ажралмас қисми эканлигини тасдиқлайди.  

СУҒУРТА ҲОДИСАСИ

Ушбу Суғурта шартномасига мувофиқ қуйидаги ҳодисалар, суғурта шартномасида кўрсатилган истиснолардан ташқари, суғурта ҳодисаси ҳисобланади:

Суғурта қилдирувчи банкротлиги:

Мазкур суғурта шартномасига кўра, Суғурта қилдирувчи банкротлиги (иқтисодий ночорлиги) - бу, “Банкротлик тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарз олувчининг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги.

СУҒУРТА ТОВОНИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

Суғурта шартномаси шартларига кўра, суғурта ҳодисаси деб тан олинишини мумкин бўлган ҳодиса содир бўлса, шунингдек, суғурта қилдирувчи кредитнинг асосий қисмини ёки бошқа тўловларини ўз вақтида тўламаса, Суғурта қилдирувчи дарҳол, лекин воқеа содир бўлганидан бошлаб 5 (иш) куни ичида ўзига маълум ҳолатлар ва сабабларни кўрсатган ҳолда суғурталовчининг юридик манзилига ёки почта манзилига ёзма равишда хабар бериши шарт.

Наф олувчи Кутиш даври ўтганидан кейин ҳамда кредит қайтаришнинг турли таъминотлари (гаровга қўйилган мулк ёки гаров ҳуқуқи, кафолат, кафиллик юзасидан пул маблағларини ундириш, бошқа суғурта компанияларининг суғурта полислари бўйича ундириш, Суғурта қилдирувчининг бошқа мулкларини ундириш ва сотиш) бўйича ҳуқуқларини тўлиқ реализация қилганидан сўнгина, кредитни қопланмаган қисмини Суғурталовчидан қоплаб беришни талаб қилади.

Наф олувчи суғурталовчидан суғурта товонини олиш талаби билан мурожаат қилгунга қадар суғурта қилдирувчидан ундириш чораларини тўлиқ кўриши зарур ва фақат қарз олувчининг мол-мулки етарли бўлмагандагина суғурталовчига суғурта товонини тўлаб бериш тўғрисида талаб қўйиш ҳуқуқига эга. Суғурта қилдирувчининг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслиги давлат ижрочисининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддаси биринчи қисмининг 5-банди асосидаги ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарори билан тасдиқланади. Ушбу қоидаларга амал қилинмаслиги суғурталовчига нисбатан қилинган суғурта даъво ишини рад этиш учун асос бўлади.  

Суғурталовчи томонидан суғурта товони тўланиши учун Суғурта қилдирувчи қуйидаги хужжатларни тақдим қилиши зарур:

- суғурта қопламасини тўлаш юзасидан даъво аризаси;

- суғурта полиси;

- содир бўлган ҳодисага тегишли хужжатлар (қарз олувчининг баланси (якка тартибдаги тадбиркорлар учун – касса ва хисоб-китоб дафтари, жорий сана учун ҳисоб рақамидаги ва бошқа ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари қолдиғи юзасидан банк маълумотномаси);

- Суғурта қилдирувчининг мол-мулки мажбуриятни бажариш учун етарли эмаслигини тасдиқловчи давлат ижрочисининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддаси биринчи қисмининг 5-банди асосидаги ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қароридан нусха;

- суғурта ҳодисасининг сабаби ва тавсифини аниқлаш учун ҳамда регресс талаби учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар.

Суғурталовчи мавжуд ҳужжатлардан келиб чиқиб, қарз олувчини тўловга қобилиятсиз деб баҳолаб, давлат ижрочисининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 40-моддаси биринчи қисмининг 5-банди асосидаги ижро ҳужжатини ундирувчига қайтариш тўғрисидаги қарорини кутмасдан ҳам суғурта қопламасини тўлаш ҳуқуқига эга. 

Суғурта қилдирувчи суғурта қопламасини тўлаш юзасидан даъво аризаси бергандан сўнг зарур ҳолларда комиссия тузилади. Комиссия таркибига Наф олувчи, Суғурталовчи, Суғурта қилдирувчи зарур бўлган ҳолларда ваколатли ташкилот вакиллари киритилади.

Суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганлигини тан олган тақдирда, суғурта ҳодисаси содир бўлишининг сабаблари ва суғурта товонининг миқдори аниқланади ҳамда суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома тузилади. Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома Суғурталовчи учун Суғурта қилдирувчига суғурта шартномасида кўрсатилган муддатларда суғурта товонини тўлашга асос бўлади.

Агар зарар миқдори ва сабаблари юзасидан томонлар ўртасида баҳс пайдо бўлса, мустақил экпертиза ўтказилиши мумкин.

Суғурта пули миқдоридан кам миқдорда суғурта товони тўланган бўлса, суғурта шартномаси суғурта муддатининг охирги санасигача суғурта пули ва тўланган суғурта товони фарқи миқдорида амалда бўлади.

Суғурталовчининг суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига ёки Наф олувчига улар суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни сўраб мурожаат этганларидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши ва рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Суғурта шартномаси бўйича Зарар қоплангандан кейин Суғурталовчи Суғурта қилдирувчига ёки Кредит шартномасига мувофиқ ҳар қандай бошқа шахс ва/ёки ташкилотга нисбатан регресс бўйича барча ҳуқуқларга эга бўлиши шарт. Суғурта қилдирувчи ушбу регресс ҳуқуқи юридик кучга эга бўлиши учун зарур барча ҳужжатларни расмийлаштириши ва тақдим этиши ҳамда амалларни бажариши шарт.   

Суғурталовчи Суғурта қилдирувчига Зарарни қоплаб бергандан кейин Зарарни ўрнини қоплаш учун ҳар қандай манбаалардан тушган (олинган) пул маблағлари Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи ўртасида қуйидагича тақсимланади:

А) Суғурталовчи Суғурта қилдирувчига тўланган товон маблағларини Суғурта қилдирувчига тўланган Зарарни, шу жумладан Суғурталовчининг ўрнини қоплашни амалга ошириш бўйича ҳаражатларини қоплагунга қадар олади;

Б) Қолган ўрнини қоплашдан тушадиган барча маблағлар Суғурта қилдирувчининг банк ҳисоб рақамига йўналтирилади.

Суғурта шартномасида кўрсатилган ўрнини қоплаш бўйича маблағлар Суғурталовчининг ҳисоб рақамига келиб тушиши ва тақсимланиши лозим.  

Суғурталовчи томонидан суғурта товони суғурта даъво аризасини кўриб чиқиш учун зарур бўлган барча хужжатлар тақдим қилингандан сўнг ҳамда Суғурта ҳодисаси тўғрисидаги далолатнома имзолангандан кейин 10 (ўн) банк куни ичида тўланади.