МОЛ-МУЛКНИ СУҒУРТАЛАШ

Мол-мулкни суғурта қилиш шартномасида (бундан буён матнда – Шартнома деб юритилади) кўзда тутилган шартлар, истисно ва иловаларга мувофиқ, Суғурталовчи Шартномада кўрсатилган суғурта ҳодисаси юз берган тақдирда, Суғурта қилдирувчига  (Наф олувчига) Шартномада келишилган суғурта пули доирасида суғурта товонини тўлаб бериш мажбуриятини олади.

  Суғурталовчи ушбу Шартномага кўра мол-мулк рўйхатида кўрсатилган Суғурта қилдирувчининг мол-мулкини Шартномада санаб ўтилган хавфлардан суғурта қилишни ўз зиммасига олади.

  Суғурта қилдирувчининг суғурта қилдирилган мол-мулки рўйхати келтирилиб, Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади.

  Суғурта қилдирувчи Шартнома бўйича белгиланган суғурта мукофотини Суғурталовчига тўлиқ ва ўз вақтида тўлаш мажбуриятини олади.

 

СУҒУРТА ҲОДИСАЛАРИ

  Ушбу Шартномага асосан Суғурталовчи Суғурта қилдирувчи томонидан Сўровнома-Аризада танланган хавф гуруҳлари (турлари) бўйича суғурта ҳодисаси юз бериши натижасида суғурта объектларига зарар етказилган ва бу факт махсус ваколатли органлар томонидан тасдиқланган тақдирда Суғурта қилдирувчига зарарни қоплаб бериш мажбуриятини олади.

  Барча ҳолатларда ҳам қуйидаги ҳодисалар натижасида вужудга келган зарар тўлаб берилмайди:

  - ядровий портлаш, радиация ёки радиоактив заҳарланиш;

  - ҳарбий ҳаракатлар, шунингдек, машқлар ва бошқа ҳарбий тадбирлар;

  - фуқаролик урушлари, турли кўринишдаги халқ қўзғалонлари ёки иш ташлашлар;

  - давлат органлари фармойишига кўра мол-мулкни мусодара қилиш, конфискация қилиш, реквизиция қилиш, ҳисобга олиш ёки йўқ қилиш;

  - табиий офат, ер ости ёки ўрмон ёнғини натижасида, агарда Шартнома суғурта объекти жойлашган ҳудуднинг маҳаллий махсус ваколатли орган (ФВВ, Гидрометеорологик хизмат, ЁХББ ва бошқа)лари томонидан табиий офатлар, ер ости ва ўрмон ёнғинлари юз бериши хавфи мавжудлиги ҳақида хабар берилганидан сўнг тузилган бўлса;

  - Суғурта қилдирувчининг суғурта ҳодисаси юз беришига қаратилган қасддан қилган ҳаракатлари ва/ёки ҳаракатсизлиги. Суғурта қилдирувчининг ўзфуқаролик бурчларини адо этиш, ҳаёти, соғлиғи, обрўси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлари бундан мустасно;

  - Суғурта қилдирувчининг токсик, наркотик ёки алкоголь моддалар таъсирида маст ҳолатидаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

  - Суғурта қилдирувчи томонидан суғурта объектини эксплуатация қилиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалар талабларига қўпол тарзда ёки жиноий (махсус ваколатли органларнинг хулосаларига кўра) амал қилмаслик, шунингдек, ушбу объектдан белгилангандан кўра бошқа мақсадларда фойдаланиш;

  - махсус тайёргарлик кўрмаган ва тегишли рухсатномага эга бўлмаган шахслар томонидан суғурта қилинган объектларни эксплуатация қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

  -  Шартномани тузиш вақтида мавжуд бўлган мол-мулкдаги нуқсонлар туфайли.

 

ЗАРАР МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ ВА СУҒУРТА ТОВОНИНИ ТЎЛАШ

  Суғурта товони Суғурта қилдирувчи томонидан Шартномада белгиланган суғурта мукофотини тўлиқ ва ўз вақтида тўлагандагина тўлаб берилади. Агар Суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси содир бўлгунга қадар, Шартномада кўрсатилган суғурта мукофотининг фақатгина бир қисмини тўлаган бўлса, у ҳолда Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берган вақтда суғурта суммасининг миқдорини суғурта мукофотининг тўланган қисмига мутаносиб равишда чеклайди.

   

  Суғурта товонини тўлаш учун Суғурта қилдирувчининг суғурталанган объектга зарар етказилганлиги ҳақидаги аризаси, Суғурталовчининг вакиллари томонидан тузилган кўздан кечириш далолатномаси, ҳамда ваколатли органларнинг (Гидрометеорологик хизмат, ЁХББ, ФВВ, ИИВ, тергов органлари, суд ва бошқа махсус ваколатли органларнинг маълумотномалари) ҳужжатлари асос ҳисобланади.

Суғурта қилдирувчи Суғурталовчига ариза билан биргаликда зарар сабаби ва миқдорини тасдиқловчи барча зарур ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

  Ҳар бир томон мустақил экспертизани, уни ўтказиш таклифини билдирган томон ҳисобига ўтказилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Экспертиза ўтказилгандан сўнг суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган ҳодисалар бўйича экспертиза ҳаражатлари Суғурта қилдирувчи  томонидан қопланади.