КРЕДИТ ОЛУВЧИНИНГ КРЕДИТ ҚАЙТАРИЛМАСЛИГНИ СУҒУРТАЛАШ

 

 

Суғурталовчи, Суғурта қилдирувчи банкротлиги туфайли Наф олувчи олдидаги кредит қарзларини суғурта пули доирасида қайтариши бўйича жавобгарлигини юзага келишидан суғурта ҳимоясини тақдим этади.

СУҒУРТА ҲОДИСАСИ

Суғурта қилдирувчининг банкротлиги туфайли Наф олувчи олдидаги кредит қарзларини қайтарилмаслиги бўйича жавобгарлигини юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади.

СУҒУРТА ТОВОНИ

Наф олувчи Суғурта қилдирувчи томонидан кредит маблағларини ўз вақтида қайтарилиши учун барча чораларини кўради, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ундириш чораларини кўради.

Берилган кредит маблағларини қайтариш муддати келганда кредитлар ва унга ҳисобланган фоизлар биринчи навбатда банк томонидан Суғурта қилдирувчининг ҳисоб рақамларидан (мемориал ордерлар) ундирилади.

Суғурта қилдирувчи (Кредит олувчи) томонидан Наф олувчига қайтарилган қарз суммалари биринчи навбатда Суғурталовчи томонидан мазкур суғурта шартномаси ва суғурта полиси бўйича олинган суғурта жавобгарлигига йўналтирилган ҳисобланади.

Кредит шартномаси шартларига мувофиқ Суғурта қилдирувчи ўзининг Наф олувчи олдидаги кредит бўйича қарзларини тўлиқ қайтармаслиги натижасида унинг жавобгарлиги вужудга келганда, кредит шартномасида белгиланган қарз маблағлари қайтарилишининг охирги тўлов санасидан кутиш даври (60 кун) ўтгандан сўнг,  Суғурта қилдирувчи/Наф олувчи ҳодиса тўғрисида 5 (беш) кун ичида Суғурталовчига ёзма равишда хабар беради.

Хабарнома эркин ҳолда ёзилади ва унда Суғурта қилдирувчи (Кредит олувчи) томонидан кредит қарзларини қайтариши билан боғлиқ тафсилотлар, ҳисоб-китоблар баён этилиб, тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

-суғурта полиси;

-суғурта ҳодисаси рўй берганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва етказилган зарар миқдори;

-тўлов топшириқномалари, тўлов талабномалари, Суғурта қилдирувчи (Кредит олувчи)нинг депозит ва кредит ҳисоб рақамлари ҳолати тўғрисидаги тасдиқланган банк маълумотномаси;

-Суғурта қилдирувчи (Кредит олувчи)нинг кредит шартномасини ижро қилиши билан боғлиқ бўлган, ссуда ва ҳисобланган фоизлар ҳисоб-рақамларидаги пул оқимларини ҳаракати тўғрисидаги тасдиқланган банк кўчирмаси;

-Наф олувчини Кредит шартномасига мувофиқ қарздорликни ундириш бўйича ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб амалга оширган чора-тадбирларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

-суғурта ҳодисаси оқибатлари, сабабларини ўрганиш учун зарур бўлган хабарномалар, хатлар, талабномалар, ёзишмалар ва бошқа ҳужжатлар;

-Суғурта қилдирувчининг банкротлигини тасдиқловчи суд қарори.

Суғурталовчи хабарномани олгандан сўнг, ҳодиса рўй берганлигини ўрганиб чиқиб, рўй берган ҳодиса тўғрисида дастлабки маълумотномани тузади. Дастлабки маълумотнома Суғурталовчи, Наф олувчи ва Суғурта қилдирувчи ҳамда мутасадди ташкилотларнинг вакиллари иштирокида тузилади.

Суғурта товонларининг ҳажми олинган молиявий маълумотлар асосида, Наф олувчи ва Суғурта қилдирувчининг молиявий хўжалик фаолиятидаги статистик ва бухгалтерия ҳисоботлари тўғрисидаги маълумотларига ва дебитор ҳамда шартномавий муносабатда бўлган юридик шахслар билан тузилган шартнома мажбуриятлари бажарилганлигига таяниб аниқланади.

Суғурта товони Суғурталовчи томонидан олинган суғурта жавобгарлиги бўйича ажратилган кредит маблағларидан кредитнинг қайтарилган қисми айирмасидан  келиб чиқиб аниқланади.

Агар суғурта полисида суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб белгиланган бўлса, Суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганида Наф олувчига у кўрган зарарни суғурта пулининг суғурта қийматига бўлган нисбатига мутаносиб равишда қоплайди.

Суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин томонлар ўртасидаги суғурта ҳодисаси тан олинганлиги ҳақидаги далолатнома тузилганидан сўнг Наф олувчига 5 (беш) иш куни ичида аниқланган суғурта товони тўлаб берилади.